Ўзбекистонда ўсимлик дунёси объектлари 4 500 ва ҳайвонот дунёси 15 700 турдан ортиқни ташкил этади. Улардан 324 тур ўсимлик ва 184 тур ҳайвонот дунёси объектлари Ўзбекистон Қизил китобига киритилган, деб ёзади ЎзА.
Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси жорий йилнинг шу даврига қадар ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини муҳофаза қилиш бўйича 2 345 назорат тадбири ўтказди. Натижада ўсимлик дунёси бўйича 2 023, овчилик қоидаларининг бузилиши бўйича 264, балиқ овлаш бўйича 675 қонунбузилиш ҳолати аниқланган.
Аниқланган 2 716 ҳолат бўйича 385 миллион сўм жарима қўлланилган. Атроф-муҳитга етказилган зарар 3,76 миллиард сўм миқдорида ҳисобланган бўлиб, шундан 576,3 миллион сўм ундирилган. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.
«Кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда дарахтларнинг кесилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Албатта, бу жиддий масала ва улар қонун доирасида ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилмоқда. Дарахтларнинг ҳажмига қараб, масалан, диаметри 40 сантиметр бўлган бир дарахтни кесиш 755 минг сўм жарима билан белгиланган. Ҳозирги кунда бу борада ишлаб чиқилаётган чораларга мувофиқ, келгусида айнан шу диаметрдаги дарахт жаримаси 9 миллион сўмни ташкил этади. Бундай саъй-ҳаракатлар эса табиатимизни асрашга хизмат қилади», — дейди қўмитанинг Биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Н.Мўминов.
Изоҳ (0)