Маълум қилинишича, ҳодиса 5 май куни Акри штатининг Рио Бранко шаҳрида содир бўлган. Бола мактабга кириб, директор хонасига олиб борувчи йўлакда бир неча марта ўқ узган. Ҳужумдан сўнг у полицияга таслим бўлган. Ҳужум оқибатида икки киши, жумладан, 11 ёшли қиз оёғидан яраланган.
Бола отишмада 380 калибрли тўппончадан фойдаланган, қуролга эгалик қилган ўгай отаси ҳам ҳибсга олинган. Полиция болага ёрдам берганликда гумонланган ўқувчиларни ҳам аниқлаган.
“Деворнинг баландлиги олти метр, ундан фақат бир киши сакраб ўтиб, шу ерда, меҳмонхонада яшириниб олди. Қолган одамлар қочишга уриниб, мактаб томида қолиб кетди”, деди 19 ёшли қабулхона ходими.
У ўқ овозлари ва кўплаб қичқириқларни эшитганини айтди. Маҳаллий ОАВ томонидан эълон қилинган суратларда замбилда аёл эвакуация қилинаётгани, мактаб ташқарисида одамлар йиғлаётгани ва бир-бирини қучоқлаётгани акс этган.
“Ушбу фожиа муносабати билан давлат ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига, Сан Хосе институти мактаби жамоасига ва ушбу воқеадан жабр кўрган барча таълим ходимларига чуқур ҳамдардлик билдиради”, дейилади штат ҳукумати хабарида.
Штатдаги барча мактабларда дарслар уч кунга тўхтатилган, ўқувчи ҳамда ўқитувчиларга ёрдам бериш учун психологик кўмак гуруҳлари сафарбар этилган.
Сўнгги йилларда Бразилияда таълим муассасаларига ҳужумлар кескин кўпайди.
2025 йил сентябрь ойида Сеара штатидаги мактабда икки ўсмир отиб ўлдирилган, яна уч нафари яраланган эди.
2023 йил октябрь ойида Сан Паулу шаҳридаги мактабда содир бўлган отишмада 17 ёшли ўқувчи ҳалок бўлди, яна уч киши яраланди.
Ўша йилнинг апрель ойида 25 ёшли йигит жанубий Санта Катарина штатидаги болалар боғчасига кириб, болта билан 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган тўрт болани ўлдирди.