Ўзбекистонда боғча ва мактаб ходимлари тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлашга ҳақли эмас. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-каналида маълум қилинди.
«Мактабда ўқитувчиман. Ҳар йили мажбурий равишда ўзимиз пул йиғиб, тиббий кўрикдан ўтамиз. Саволим шуки, тиббий кўрикдан ўтишимиз шартми?» — дейилади Telegram-каналга келиб тушган мурожаатда.
Меҳнат кодексига мувофиқ иш берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик вақти-вақти билан умумтаълим мактаблари, мактабгача тарбия ва бошқа муассасаларнинг бевосита болаларга таълим ёки тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимларини тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт.
Ходимлар тиббий кўриклардан ўтишдан бўйин товлашга ҳақли эмас.
Тиббий кўрикдан ўтиш муносабати билан ходимдан пул ундирилиши мумкин эмас, шунингдек тиббий кўрикларни ўтказиш вақтида ходимнинг иш жойи (лавозими) ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланади.
Изоҳ (0)