Американинг Billboard журнали АҚШ ҳудудида энг кўп пул ишлаб топган мусиқачилар рейтингини эълон қилди, деб ёзади «Газета.ru».
Рейтингнинг биринчи ўрнида 2017 йилда 54,4 миллион доллар орттирган Ирландиянинг U2 рок-гуруҳи жойлашди. Ушбу маблағнинг катта қисмини мусиқачилар Joshua Tree Tour гастроль сафари доирасидаги концертлари учун гонорар сифатида қўлга киритган. Иккинчи ўрин 52,2 миллион доллар ишлаб топган қўшиқчи Гарт Бруксга насиб қилди. Етакчилар учлигига Metallica 43,2 миллион доллар билан якун ясади.
Юқори ўнликка Бруно Марс (40,7 миллион доллар), Эд Ширан (31,3 миллион доллар), Леди Гага (29,7 миллион доллар), Билли Жоэл (29,2 миллион доллар), Guns N’ Roses (27,8 миллион доллар), Pink Floyd гуруҳининг собиқ аъзоси Рожер Уотерс (27,2 миллион доллар) ва Coldplay (26,5 миллион доллар) ҳам кирди.
Рўйхатдаги мусиқачиларнинг деярли барчаси даромадларининг аксар қисмини жонли концертлардан ишлаб топган. Топ-50 таликка 2017 йилда турнега чиқмаган икки хонандагина кирди, булар — рэпер Дрейк (қўшиқларининг онлайн тингланишидан 8,6 миллион доллар ишлаб олган) ва Тейлор Свифт (альбомлари сотувидан 5 миллион доллар ишлаган).
Изоҳ (0)