Ўзбекистоннинг минерал-хом ашё фойдали қазилмалари салоҳияти қарийб 5,7 триллион долларни ташкил этади. Бу ҳақда Геология ва минерал ресурслар бўйича давлат қўмитаси раиси ўринбосари Аъзам Қодирхўжаев маълум қилди, деб ёзади «Подробно».
Унинг сўзларига кўра, шунинг атиги 1 триллиондан ортиғи — қидириб топилган захиралар ва тайёрлаб қўйилган конлар ҳиссасига тўғри келади. Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳудудининг бор-йўғи 20 фоизи ўрганиб чиқилган ва демак, янги конларни аниқлаш бўйича улкан салоҳият мавжуд.
Аъзам Қодирхўжаевнинг айтишича, олтин, уран, мис, калий тузи, фосфоритлар ва каолин захиралари ва ресурслари бўйича Ўзбекистон дунё етакчилари ўнталигига киради. Олтин ва уран ишлаб чиқариш бўйича эса республика етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Сўнгги йилларда, унинг сўзларига кўра, ер ости бойликлари майдонларидан фойдаланиш ҳуқуқи бўйича 1200 дан ортиқ лицензия тақдим этилган.
Изоҳ (0)