Украина президенти Владимир Зеленский 20 август куни Россия раҳбари Владимир Путин билан музокараларни Австрия, Швейцария ёки Туркияда ўтказишга рози эканини билдирди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

Зеленскийга кўра, у бу учрашувнинг Россия ёки Венгрияда бўлишига қарши. Бу ҳақда Украина раҳбари Киевда журналистлар билан учрашувда маълум қилган.
“Бизнингча, бу адолатли бўлади. Европаликлар ҳам шуни таъкидлади – учрашув Европанинг нейтрал давлатида бўлиши керак. Чунки уруш Европа қитъасида давом этмоқда. Мен рози эканимни айтдим. Швейцария ё Австриями? Биз розимиз. Туркия? Биз учун Туркия НАТО аъзоси ва Европанинг бир қисми ва бунга қарши эмасмиз. Аммо Москвага йўқ деймиз. Бундай бўлиши мумкин эмас”, деди Украина раҳбари.
Зеленский, шунингдек, Венгрия пойтахти Будапештда учрашув ўтказиш эҳтимолига ҳам изоҳ бериб, мамлакат Украинани Европа Иттифоқига қўшилишини ҳам ёқламаслигини эслатиб ўтган.
“Тўғрисини айтадиган бўлсам, Европа давлатлари уруш давомида Украинани бирдек қўллаб-қувватламоқда. Будапешт эса бизни қўлламади. Мен Виктор Орбан (Венгрия бош вазири) сиёсати Украина манфаатига зид бўлган демайман, аммо у бизни қўллаб-қувватлашга қарши эди”.
Учрашув санаси ва тайёргарлик
Зеленскийга кўра, Путин билан учрашувнинг аниқ санани белгилаш олдидан Украина хавфсизлик кафолатлари ҳақида хабардор қилиниши керак.
“Ҳозир Россия томонидан ташаббус бўлиши керак. Украина ҳукумати 7-10 кун ичида хавфсизлик кафолатлари ҳақида хабардор этилиши зарур. Шундан кейингина уч томонлама учрашув ўтказишни хоҳлаймиз. Менинг режам шундай эди. Трамп эса бир оз бошқачароқ таклиф берди: аввал икки томонлама, кейин уч томонлама учрашув. Мен дарров икки томонлама учрашувга рози бўлдим. Биз тайёрмиз. Лекин россияликлар тайёр бўлмаса-чи? Бу масалани европаликлар ҳам кўтарди. Агар Россия рози бўлмаса, биз АҚШдан кескин муносабат кутамиз”, дея таъкидлади Украина президенти.
Изоҳ (0)