Россиянинг Украинага келажакдаги ҳужумини олдини олиш учун АҚШ қирувчи самолётларини Руминияга жойлаштириш таклиф қилинди. Бу ҳақда The Times хабар берди.

Европа давлатлари тегишли ташаббус билан чиққан, чунки АҚШ президенти Дональд Трамп “кўнгиллилар коалицияси”ни ҳаводан қўллаб-қувватлашга ваъда берган эди. Европа ҳарбий раҳбарлари масалани америкалик ҳамкасблари билан муҳокама қилмоқда. АҚШ генерали Ден Кейн 20 август куни Буюк Британия, Германия, Франция, Финляндия ва Италиядан келган юқори мартабали генералларни қабул қилган.
Учрашувда Американинг Ф-35 қирувчи самолётларини Руминияга жойлаштириш таклифи билдирилган. НАТО айнан шу ерда Европадаги энг йирик авиабазасини қурмоқда. Мақсад — Украина бўйича тинчлик келишуви имзоланганидан кейин Россиянинг қайта бостириб киришининг олдини олиш.
Шунингдек, Европа мамлакатлари GPS орқали йўналиш аниқлаш ва разведка мақсадларида Америка сунъий йўлдошларидан фойдаланиш бўйича кафолатлар олишни хоҳлайди.
Бундан ташқари, улар АҚШдан Россиянинг эҳтимолий ҳужумларига қарши мудофаа учун Patriot ва NASAMS зенит-ракета тизимларини тақдим этишни сўрамоқда. Буюк Британия уруш бошланганидан буён Қора денгиз устида разведка парвозларини амалга ошириб келмоқда. Бироқ бу вазифалар Boeing ишлаб чиқарган самолётларда амалга оширилмоқда. Жанговар ҳаракатлар тугагач, миссияларни давом эттириш учун АҚШнинг рухсати талаб этилади.
Бундан ташқари, Буюк Британия Украинага Typhoon қирувчи самолётларини ҳамда 3–5 минг аскардан иборат бригадани юбориб, Украина армиясини ўқитишга тайёрлигини билдирган. Франция, Канада ва Австралия ҳам Украинага ўз қўшинларини юборишга ваъда берган.
Жами 10 га яқин давлат тинчликпарвар кучлар учун аскар ажратиши мумкин. Бироқ кўплаб Европа мамлакатлари бу борада сиёсий ҳамда маъмурий муаммоларга дуч келмоқда. Масалан, Германияда ҳарбийлар сони йиллар давомида кескин қисқаргани боис, мамлакат Украинага юбориш учун зарур миқдорда аскар топа олишига шубҳа бор.
Изоҳ (0)