Сурияни 2011 йил ҳарбий ҳаракатлар бошлангандан буён етти миллионга яқин одам тарк этди. Улардан 1,5 миллиондан ортиғи яқин вақт ичида ўз уйларига қайтишга тайёр. Бу ҳақда 20 июль, жума кунги брифингда Россия Мудофаа бошқаруви бўйича миллий марказ раҳбари генерал-полковник Михаил Мизинцев маълум қилди, деб ёзади «РИА Новости».
«2011 йилдан буён, яъни ҳарбий ҳаракатлар бошлангандан буён Сурияни 6 миллион 900 мингдан ортиқ одам тарк этди», — деди у.
Ҳозирги пайтда суриялик қочоқларнинг аксарияти дунёнинг 45 та мамлакатида яшамоқда.
«Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, яқин келажакда 1 миллион 700 мингдан ортиқ одам доимий яшаш жойига қайтиши мумкин», — дея аниқлик киритди Мизинцев.
Мизинцевнинг таъкидлашича, ҳозирда мамлакатнинг ҳарбий ҳаракатлардан энг кам жабрланган 76 аҳоли пунктига аллақачон 336,5 минг киши жойлаштирилиши мумкин.
Изоҳ (0)