Аввалроқ Туриннинг «Ювентус» жамоаси Мадриднинг «Реал»идан португалиялик ҳужумчи Криштиану Роналдуни трансфер қилганини маълум қилганди.
Футболчи айни дамда Tуринга етиб келган ва ўзининг янги клуби учун тиббий кўрикдан ўтишга улгурди.
Маълумот учун Роналдунинг трансфер қиймати умумий ҳисобда 112 миллион еврони ташкил этди.
112 миллион евро қуйидагича тақсимланади:
— «Реал» 100 миллион евро олади.
— ФИФАнинг одатий механизмига кўра 5 миллион евро (трансфер қийматининг 5%) футболчи 12 ёшдан 23 ёшгача бўлган даврида ўйнаган клубларга тақсимланади.
— Қолган 7 миллион евро транзакция харажатлари, яъни битимни расмийлаштириш билан боғлиқ сарфлар учун ажратилади.
Роналду туринликлар билан 4 йиллик шартнома имзолаган. Қайд этилишича, унинг маоши йилига 31 миллион еврога бўлади.
33 ёшли португалиялик 2009 йилда «Манчестер Юнайтед»дан «Реал»га ўтганди. Ўшанда мадридликлар футболчи учун 93 миллион евро тўлаганди.
Испан клуби билан Роналду 13 та унвонни қўлга киритди. У тўрт марта Чемпионлар Лигасини, икки мартадан Испания чемпионати, Испания Кубоги, Испания Суперкубогини, уч марта клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатини ғолиблигини қўлга киритган.
Умумий ҳисобда Роналду «Реал»да 438 та учрашув ўтказиб, 450 та гол киритган. Клуб учун ундан кўп гол киритган футболчи йўқ.
Изоҳ (0)