Самарқанд вилоятида жорий йилнинг олти ойи мобайнида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида, вилоятдаги 495 та маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган. Содир этилган жиноятлар аввалги йилга нисбатан 1 245 тага ёки 40,2 фоизга, қотиллик 39,5 фоизга, босқинчилик 12,5 фоизга, оғир тан жароҳати етказиш 27,4 фоизга, талончилик 62,5 фоизга, фирибгарлик 49,2 фоизга, ўғирлик 45,0 фоизга, безорилик 72,9 фоизга, автотранспорт воситасини олиб қочиш 33,3 фоизга камайган, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
Аҳоли билан амалга оширилган манзилли ишлар натижасида вояга этмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар 12,8 фоизга камайган бўлиб, улар иштирокида Булунғур, Нарпай, Нуробод, Тайлоқ ва Қўшработ туманларида биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган.
Шу билан бирга вилоятнинг 591 та ёки ҳар иккинчи маҳалласида жиноят содир этилган. Айниқса, Самарқанд шаҳрида 43 та, Пастдарғомда 23 та, Ургутда 14 та, Иштихон ва Паяриқда 13 тадан маҳаллада жиноятлар содир этилиши кўпайганлиги ушбу ҳудудларда самарасиз профилактик тадбирлар амалга оширилганлигидан далолат беради.
Шунинг учун, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Ички ишлар вазирининг қўшма фармойиши асосида Президент Девони, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратуранинг масъул вакилларидан иборат таркибда ишчи гуруҳи тузилиб, ўрганиш ишлари бошланди.
Ички ишлар вазири генерал-майор Пўлат Раззоқович Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳи вилоятнинг Самарқанд, Булунғур, Жомбой, Каттақўрғон, Нарпай, Пахтачи ва Иштихон туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрида бўлиб, хизмат фаолияти учун яратилган шарт-шароитлар ва йўл қўйилаётган нуқсон ва камчиликларнинг туб сабабларини атрофлича ўрганди.
Булунғур, Жомбой ва Каттақўрғон туманларида ходимлар томонидан хизмат интизомини бузиш ҳолатлари кескин кўпайган. Фаолиятида юқоридаги каби тизимли камчиликларга йўл қўйилганлиги учун Булунғур тумани ИИБ бошлиғи подполковник Абдуҳакимов Содиқ Абдуҳакимович, Пахтачи тумани ИИБ бошлиғи подполковник Абдуҳамидов Хайрулло Убайдуллаевич эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Ўрганиш давомида вазир вилоятдаги ички ишлар органлари ходимларини соғломлаштириш марказига ташриф буюриб, даволанаётган фахрийлар, ходимлар ҳамда уларнинг оила-аъзолари билан учрашди ва яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Масканда даволанувчиларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун концерт дастурларини ташкил этиш, уларга Самарқанднинг тарихий обидаларига зиёрат ташкил этиш учун бир дона Damas русумли автомашина тантанали равишда топширилди ҳамда кутубхона фондини янги китоблар билан тўлдириш мақсадида вазирлик ҳисобидан 20 миллион сўмлик пул маблағлари ажратилди.
Самарқанд вилоятида ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилаётган ўрганиш давом этмоқда.
Изоҳ (0)