Ўзбекистон банкларида яқин вақт ичида МДҲ давлатлари миллий валюталарида ҳисоб рақамлари очиш имконияти яратилади. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Бош вазир ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров Россия Давлатлараро банки делегацияси вакиллари билан учрашувда шу ҳақда келишиб олди.
«Ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича дастлабки қадам сифатида МДҲ мамлакатлари миллий валюталарида ўзаро корреспондентлик рақамларини очиш имконияти муҳокама қилинди», — дейилади хабарда.
Тўловларни амалга оширишда Давлатлараро банк тўловчининг мамлакати миллий валютаси олувчининг мамлакати миллий валютасига конверсия қилинишини таъминлайди.
Учрашув доирасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, молиявий технологияларни жорий этиш, пул-кредит сиёсати, суғурта бозорига оид долзарб мавзулар муҳокама қилинди.
Жумладан, меҳнат муҳожирларини молиявий-итимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида турли суғурта дастурларини тақдим этиш кўзда тутилмоқда. Масалан, муҳожирлар Россияга келиши билан маълум суммаси бўлган «Мир» картаси очилиши, тахминан 150 минг рублли тиббий суғурта берилиши мумкин.
Изоҳ (0)