Қўқон шаҳридаги «Ёшлар боғи» ҳудудида «Ўзбекистон—Корея дўстлик боғи» қурилади. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов хабар бермоқда.
Янги истироҳат боғи ўзбек ва корейс миллий боғдорчилик анъаналари асосида барпо этилади. Боғнинг дарвоза ва деворлари ҳам ўзига хос кўринишга келтирилади. Мусиқали фавворалар қурилиб, Жанубий Кореядан келтирилган замонавий аттракционлар ўрнатилади.
Истироҳат боғида қиш мавсумида фаолият юритадиган очиқ муз майдони, оққуш, ғоз ва ўрдаклар сузиб юрадиган кўл, Ўзбекистон—Корея ҳамкорлиги тарихи акс этган музей ҳам бўлади. Бир гектар майдонда «Қушлар олами» мажмуаси бунёд этилиб, табиат оламига саёҳат қилиш имконияти яратилади.
Айни пайтда боғ ҳудудида Корея услубида лойиҳалаштирилган 240 ўринли болалар боғчасининг қурилиш ишлари бошланган. Мазкур боғчада таълим-тарбия ишлари замонавий корейс таълим услублари асосида йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)