Японияда собиқ ҳамшира ўзининг навбатчилиги вақтида ўлиши мумкин деб ҳисоблаган беморларни ўлдирганини тан олди. Бу ҳақда Asahi Shimbun газетасига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
31 ёшли Аюми Кубокининг айтишича, 2016 йилнинг 2 ойи давомида у оғир аҳволдаги беморларнинг палаталарига кириб уларнинг ўлимига олиб келадиган антисептик укол қилган.
Ҳамширанинг сўзларига қараганда, беморларнинг қариндошларига ўлим сабабларини тушунтириш у учун қийин бўлган, шунинг учун ўзининг навбатчилик вақти бошлангунга қадар беморларни ўлдирган.
Полиция 7 июль, шанба куни Кубокини ҳибсга олган. У 2016 йил сентябрда вафот этган 88 ёшли Созо Нишикаванинг ўлимида айбдор деб гумон қилинган. Тергов натижасида маълум бўлдики, эркакнинг ўлими куни Кубоки шифохонага навбатчилик вақтидан 2 соат олдин келган ва беморга уни ўлдирувчи укол қилган. Бемор ҳамширанинг навбатчилик соатлари бошланишидан олдин жон берган.
Айни пайтда полиция Кубокининг бошқа беморлар ўлимларига тааллуқлилигини ўрганмоқда. Терговчиларнинг фикрича, ҳамшира ўлдирган беморларнинг ҳаммаси ҳам терминал ҳолатда (ўлим ва ҳаёт орасидаги ҳолат) бўлмаган.
Изоҳ (0)