6 июль, жума куни соат 15:52 да Жиззах вилояти ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси марказий диспетчерлик хизматига Жиззах шаҳар Иттифоқ маҳалласи 17-уйда ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида маълумот келиб тушган. Маълум бўлишича, уйнинг 4-йўлагида номаълум сабабларга кўра қолдирилган 1 дона диван ҳамда тахта бўлаклари ёниб кетган. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Ёнғин натижасида кўп миқдорда тутун ажралиб, йўлак бутунлай тутун ичида қолган, шу сабабли йўлакдаги хонадонларда яшовчилар ташқарига чиқа олмаган. Бундан ташқари, бир қанча хонадонларнинг эшиклари очиқ бўлганлиги сабабли улар ҳам тутун ичида қолган. Воқеа жойига 2 та ёнғин ўчириш бўлинмаси юборилган. Улар соат 16:01 да етиб бориб, соат 16:03 да ёнғинни тўлиқ бартараф этган. Тутун ичида қолган хонадонлардан фуқаролар қутқарилиб, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Ёнғин натижасида жабрланганлар тўғрисида маълумот келиб тушмаган. Воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)