Айни дамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов Халқаро олимпия қўмитаси раҳбари Томас Бах таклифига кўра Швейцарияда бўлиб турибди. Бугун, 3 июль куни Лозаннадаги Халқаро олимпия қўмитаси қароргоҳида МОҚ раҳбари Томас Бах билан расмий учрашувда иштирок этди, деб хабар беради МОҚ матбуот хизмати.
Аҳмаджонов учрашувда Халқаро олимпия қўмитаси таркибида шу кунгача нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёдан мутлақо аъзо бўлмагани, шунинг учун ХОҚ Сессиясида минтақадан ҳам ўз овози ва сайлаш ҳуқуқига эга аъзони таркибга киритиш масаласини кўтарган. Томас Бах эса ўз навбатида ХОҚнинг 2019 йилги умумий йиғилишида Умид Аҳмаджонов номзодини Ижроия Қўмита аъзолигига тақдим этишга ваъда берган.
МОҚ раҳбари учрашув давомида Томас Бахга ХОҚ шафелиги остида кечадиган янги мусобақаларни ташкил этиш, бундай нуфузли мусобақага Тошкент шаҳри мезбонлик қилишга тайёр эканлиги борасида таклиф киритган. Халқаро олимпия қўмитаси раҳбари бунга жавобан, 2019 йилги ХОҚнинг маркетинг масалаларига бағишланган йирик анжуманини Тошкентда ўтказиш нияти борлигини маълум қилиб ўтган. Томас Бах спорт соҳада катта тажрибага эга бўлган мутахассисни Ўзбекистонга юборишини ҳам таъкидлаб ўтди, дейилади хабарда.
Лозаннага ташриф давомида МОҚ раҳбари «Олимпия бирдамлиги» дастури раҳбари Пьер Миро, шунингдек, ХОҚнинг бир неча департамент раҳбарлари билан ҳам учрашиб, ҳамкорликда янги лойиҳалар, семинар-тренинглар ўтказиш масаласида келишувга эришди.
Изоҳ (0)