Самарқандда сохта авиакасса очиб, қалбаки авиачипталарни сотган фирибгар устидан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар бермоқда.
Фаттоҳ Аноров (исм-шарифлар шартли) бир хонани ижарага олиб, офисга киришда «Авиакасса» ёзувли пешлавҳа ўрнатади. Хонага стол-стул, компьютер ва бошқа зарур жиҳозларни жойлаштиради.
Аввалига фирибгар «Тошкент—Тюмень» рейсига ҳар бири 352 доллар эвазига иккита «авиачипта» сотган. Шундан сўнг Нью-Йоркка учта «электрон чипта»ни пуллаган. Кейин эса Фаттоҳ «Самарқанд—Москва» йўналишига иккита, «Тошкент—Истанбул» авиарейсига битта сохта чипта сотган. Уларнинг барчаси аэропортга боргач, чипталари сохта экани маълум бўлган.
Тошкент аэропортидан Самарқандга қайтганлар аввалига фирибгарни топа олмади. У «Авиакасса»ни ёпиб, қорасини кўрсатмай кетганди. Бироқ у узоққа кетолмади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинган Фаттоҳ Аноров барча қилмишларини тан олди.
Суд Фаттоҳ Аноровни 3 йил ва 3 ойга озодликдан маҳрум этди. Шунингдек, жабрланувчиларга етказилган зарар ундан ундириладиган бўлди.
Изоҳ (0)