Жанубий Африка Республикасидаги «Крагга Камма» қўриқхонасида браконьерлар ноёб коркидоннинг урғочисини унинг бир сантиметрлик шохи учун ўлдирди. Бу ҳақда The Times’га таяниб, «Корреспондент.net» хабар берди.
Аввалроқ қўриқхона ходимлари коркидонни браконьерлардан ҳимоя қилиш мақсадида шохини кесиб ташлаган. Бироқ бу чора унинг ҳаётини қутқариб қолмади.
«Ҳалигача ишонгим келмайди, тушунолмаяпман қандай қилиб бир сантиметрлик шох учун ҳайвонни ўлдириш мумкин. Қўллаб-қувватлаётганингиз учун раҳмат, дўстлар. Сиз ҳам биз каби тушкун аҳволда эканингизни биламиз», — дейди қўриқхона эгаси Айеша Кэнтор.
Маълум қилинишича, жануб оқ коркидонининг урғочиси, 20 ёшли Белла браконьерларнинг ўлжасига айланган. Унинг 4 нафар боласи бўлган. Болалардан энг кичиги онасининг ўлганини билгач, ярим кун йиғлаган.
Маълумки, Африка халқлари оқ коркидонларнинг шохи мўъжизакор кучга эканига ишонади. Шунинг учун оқ коркидонлар бу ерларда доимий равишда ўлдирилади.
Аввалроқ Кенияда шимол оқ коркидонининг эркаги 45 ёшда ўлгани хабар қилинган эди.
Изоҳ (0)