Июнда Ўзбекистон истеъмол бозоридаги маҳсулотлар ва хизматлар нархларининг ўртача даражаси 2,7 фоизга пасайди. Бу ҳақда Марказий банк маълумотига таяниб, «Газета.uz» хабар бермоқда. Пасайиш энг аввало мавсумий омилларга, айнан олганда — озиқ-овқат маҳсулотларининг анъанавий арзонлашуви билан боғлиқ.
Айни пайтда, агарда мева ва сабзавотлар нархлари ҳисобга олинмаса, у ҳолда нархлар ўртача 0,8 фоизга ошгани кўринади. Помидор (66,7 фоиз), бодринг (52,6 фоиз), картошка (45,7 фоиз) ва олманинг (35,8 фоиз) арзонлашуви нархларнинг умумий даражасига сезиларли таъсир кўрсатди.
Мавсумийлик касб этмайдиган қатор озиқ-овқат маҳсулотлари нархида эса ўсиш кузатилди. Мош 14,8 фоиз, гуруч — 13,7 фоиз, гречка — 9 фоиз, маъданли сув — 8,2 фоиз, шакар — 2,4 фоиз, қўй гўшти — 2,1 фоиз ва мол гўшти — 1,7 фоизга қимматлашди.
Гўшт, гуруч ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари импортининг ортиши улар нархининг барқарорлашувига олиб келиши мумкин.
Сўм айрибошлаш курсининг мустаҳкамланиши ва чегарадош республикалар билан ташқи савдонинг либераллашаётгани ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархининг барқарор бўлишини (пасайиш — 0,7 фоизга) таъминламоқда
Июнда хизматларнинг 1,4 фоизга қимматлашуви асосан стоматологик хизматларнинг 13,1 фоизга, шаҳар транспортида йўл киранинг 11,6 фоизга ва юкларни автомобилда ташиш хизматларининг 3 фоизга қимматлашуви билан боғланмоқда.
Изоҳ (0)