Иқтисодиёт ва молия вазирининг буйруғи билан Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш услубиёти тасдиқланди.

Мазкур услубиёт кўчмас мулкни қонунчиликда назарда тутилган мақсадларда оммавий баҳолашдан ўтказиш жараёни ва тартиб-таомилларини белгилайди. Услубиёт баҳоловчи ташкилотлар ва баҳоловчиларнинг баҳолаш фаолиятига нисбатан қўлланмайди.
Оммавий баҳолаш ишлари президентнинг 2025 йил 5 мартдаги фармонига мувофиқ қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
- 2025–2026 йилларда – эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрида;
- 2026–2027 йилларда – Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида;
- 2027 йил ва ундан кейинги йилларда – қолган ҳудудларда.
Республика миқёсида ва алоҳида ҳудудларда, шу жумладан, урбанизация жараёнлари ва инфратузилманинг ривожланиши, нархлар даражаси ва бошқа бозор кўрсаткичларининг ўзгариши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг топшириғи асосида кўчмас мулкни оммавий баҳолаш соҳасида махсус ваколатли орган – Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги (бундан буён матнда агентлик деб юритилади) томонидан республиканинг алоҳида туман (шаҳар)ларидаги кўчмас мулк объектларини оммавий баҳолашдан ўтказиш тўғрисида буйруқ қабул қилинади.
Буйруқда оммавий баҳолашни ўтказиш йили, объект қийматини аниқлаш санаси, ҳудуди ва оммавий баҳолаш натижаларини тасдиқлаш учун топшириш муддатлари назарда тутилиши лозим. Буйруқ оммавий баҳолаш ўтказиладиган санадан камида икки ой олдин қабул қилинади.
Кадастр агентлиги ижро этувчи органнинг сўровига кўра 5 иш куни ичида оммавий баҳолаш ўтказиладиган объектлар рўйхатини, шу жумладан, автоматлаштирилган ахборот тизими орқали тақдим этилишини таъминлайди.
Рўйхатда объектларнинг жойлашуви, уларнинг тавсифлари ва хусусиятлари, ободонлаштириш ва муҳандислик-коммуникация тармоқлари мавжудлиги ҳамда объектларнинг қийматини аниқлаш учун зарур бўлган бошқа хусусиятлар тўғрисидаги маълумотлар бўлиши лозим.
Кўчмас мулк бозорини таҳлил қилишда қуйидагилар кўриб чиқилиши лозим:
- мавжуд бино ва иншоотлар (сегмент бўйича турар ва нотурар);
- янги қурилган объектлар;
- объектларнинг муҳандислик-коммуникациялар билан таъминлангани;
- транспорт ва ижтимоий инфратузилманинг ривожланиш даражаси;
- экологик ҳолат;
- аҳоли сони, қурилиш зичлиги ва бошқалар.
Ижро этувчи орган томонидан объектларнинг қийматини аниқлашда объектнинг жойлашуви, тавсифлари ва хусусиятларидан келиб чиқиб қиёслаш, харажат ва даромад ёндашувларидан бири қўлланади.
Изоҳ (0)