Фарғона вилоятининг Риштон туманида ўтказилаётган кулоллар ва кулолчилик маҳсулотлари халқаро фестивалида мамлакатнинг барча ҳудудларидан келган ҳунармандлар ҳамда хорижлик сайёҳлар иштирок этмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Риштон сопол буюмлари, миниатюралари жаҳондаги санъат шайдолари орасида ҳам катта шуҳрат қозонган. Ҳеч бир ҳудуднинг кулолчилик намуналарига ўхшамайдиган бу санъат асарлари АҚШ, Буюк Британия, Франция, Польша, Швеция, Ироқ, Эрон, Миср каби мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда намойиш қилиниши ва жаҳон оммаси эътирофига сазовор бўлиши Риштон кулолларининг истеъдодидан далолат беради.
Риштонлик кулоллар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ўзининг дизайни, табиий ранги ва қалампир нусхали нақшларга бойлиги билан ажралиб туради. Бухоро, Самарқанд, Хоразм каби шаҳарларидаги дўконларда савдога қўйилган Риштон кулолчилик буюмлари ва миниатюралари чет эллик сайёҳлар қизиқишини тортаётгани бу санъат намуналарига бўлган талабни кундан-кун оширмоқда. Риштондаги қайси бир кулолнинг устахонасида бўлманг, барчаси қўли-қўлига тегмай ишлаётганини кўрасиз.
Сўнгги йилларда Риштон кулолчилик мактаби янада ривожланди. Уста Иброҳимжон Комилов, Бобожон Нишонов, Ҳакимжон Сатторов, Рустамжон Усмонов, Алишер Назиров, Шарофиддин Юсупов, Тоҳиржон Ҳайдаров сингари машҳур кулоллар яратган маҳсулотлар барчани ҳайратга солиб келмоқда.
— Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, чет эллик сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш, кулолчилик маҳсулотларини кенг тарғиб этишда мазкур халқаро фестивалнинг аҳамияти катта, — дейди Риштон тумани ҳокими ўринбосари Абдусалом Сидиқов. — Айни пайтда туманимизда Япон боғи, ҳунармандлар маркази ташкил этилмоқда. 24 июнгача давом этадиган фестивалда Туркия, Озарбайжон, Франция каби давлатлардан меҳмонлар иштирок этмоқда.
Изоҳ (0)