АҚШ Давлат департаментининг олий мансабли вакили ОАВларда Дональд Трамп Қрим ярим оролини Россияники деб ҳисоблаши ҳақида пайдо бўлган хабарларни изоҳлади, деб ёзади «Корреспондент.net». У Вашингтоннинг Қримга нисбатан сиёсати ўзгаришсиз қолишини айтди.
«Бизнинг Қримга нисбатан муносабатимиз ўзгаришсиз қолмоқда. Биз Украинанинг халқаро тан олинган чегаралари доирасидаги ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаймиз», — деди Давлат департаменти вакили.
Унинг сўзларига кўра, Қрим бўйича Россияга киритилган санкциялар Россия ўз истилосини тугатиб, Қримни Украинага қайтармагунича, кучда қолади.
Аввалроқ Американинг Buzzfeed портали дипломатик манбаларига таяниб, Трамп Қримдаги аҳолининг барчаси рус тилида сўзлашиши сабабли, у ер Россияга тегишли деб ҳисоблаши ҳақида хабар тарқатган эди. Бу ҳақда Трамп, гўёки, Канадада G7 саммити етакчилари билан шахсий суҳбатда айтиб ўтган.
Изоҳ (0)