Жиноят ишлари бўйича Арнасой туман суди томонидан жуда кам учрайдиган, антиқа тоифадаги жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда туман суди матбуот хизмати «Дарё»га хабар бермоқда.
Судланувчи Каромат Ўсарова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 1963 йилда туғилган, ўзбек, маълумоти ўрта, оилали, 5 нафар фарзанди бор, вақтинча ишламайди, Ғаллаорол туманида яшайди.
Каромат Ўсарова ўзи яшайдиган уйида, қизи Одина Мурадованинг уйдан чиқиб кетишининг олдини олмоқчи бўлиб, унга зўрлик ишлатиб, унинг шахсий эркинлигини чеклаб, қизининг хоҳиш ва эркига қарши ва унинг ихтиёрига хилоф равишда ҳовлисидаги темир сўрининг суянчиғига, қизининг қўлидан темир занжир билан боғлаб, бу ерда уни 2 кун занжирда боғлиқ ҳолда сақлайди.
Бунга ҳам қаноат қилмаган она қизни уйининг бир хонасига олиб кириб, дераза олдидаги ёғоч устунга пўлатдан ясалган сим билан яна уч кун боғлаб қўйиб, жами беш кун давомида ўз қизини ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилган ҳолда сақлаб келганлиги тергов ва судда ўз исботини топган.
Судда Каромат Ўсарова қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлик билдирди, қизи Одина Мурадова ҳам фарзанд сифатида онасининг қилмишини кечириб у билан ярашганлиги сабабли Каромат Ўсаровага нисбатан жиноят иши ярашув қўллаб тугатилди.
Изоҳ (0)