«Жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят жараёнининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини муҳокама қилиш порталига жойланди, деб ёзади «Газета.uz».
Қабул қилиниши режалаштирилаётган қонун мақсади — жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят жараёнининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш.
Қонун лойиҳасида «ҳимоя қилинувчи шахслар» ва «жиноят жараёнида иштирок этувчи шахсларнинг давлат ҳимояси» тушунчаларига аниқлик киритилади.
Давлат томонидан ҳимоя қилинувчи шахларга:
- жабрланувчи ва унинг қонуний вакили;
- гувоҳ;
- жамоат айбловчиси ва жамоат ҳимоячиси;
- гумонланувчи, айбланувчи, судланувчи, уларнинг ҳимоячилари ва қонуний вакиллари;
- маҳкум, унга нисбатан жиноят иши тугатилган оқланган шахс;
- фуқаролик даъвогари, фуқаролик жавобгари ва уларнинг вакиллари;
- эксперт, мутахассис, таржимон, ишда иштирок этувчи педагог ёки руҳшунос киритилган.
Давлат ҳимояси чоралари жиноят иши қўзғатилгунга қадар аризачи, жабрланувчи, жиноят гувоҳи ёки жиноят ҳақида огоҳлантириш ёки уни фош қилишга сабаб бўлувчи бошқа шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин.
Қонун лойиҳасида ҳимоя қилинувчи шахсларнинг хавфсизлик чоралари санаб ўтилган:
- ҳимоя қилинувчи шахс маълумотларининг махфийлигини таъминлаш;
- шахсий қўриқлов, турар жой ва бошқа мол-мулкни қўриқлаш;
- индивидуал ҳимоя воситалари ва техник воситаларини тақдим этиш;
- хавфсиз жойга вақтинча жойлаштириш;
- бошқа турар жойга кўчириш, иш (хизмат) ёки ўқиш жойини ўзгартириш;
- ҳужжатларни алмаштириш;
- ташқи кўринишни ўзгартириш;
- ҳимоя қилинувчи шахс ҳақидаги маълумотларни чеклаш;
- ҳарбий хизматчилар хавфсизлигини таъминлаш;
- ҳимоя қилинувчи шахс, қамоқхона ёки жазони ўташ жойида бўлган шахсга нисбатан қўшимча хавфсизлик чораларини таъминлаш, жумладан, бир қамоқхона ёки жазони ўташ жойидан бошқасига кўчириш.
Жиноят жараёнидаги иштироки орқасидан ногиронликни келтириб чиқарган тан жароҳати олган шахсга бир вақтда тўланадиган нафақа берилади ва ногиронлик бўйича пенсия тайинланади.
Ҳимоя қилинувчи шахсни ўлдиришга реал таҳдид мавжудлиги, унга нисбатан зўравонлик, жиноят жараёнидаги иштироки билан боғлиқ равишда мол-мулкига зарар етказиш хавфсизлик чораларини қўллаш учун асос бўлади.
Хавфсизлик чораларини қўллаш ҳақидаги қарор суриштирув органлари, тергов, прокурор ёки суд томонидан қабул қилиниши кутилмоқда.
Қонун у расман чоп этилган кундан кучга кириши кутилмоқда. Муҳокама 26 июнь куни якунланади.
Изоҳ (0)