Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев Осиёдаги етакчи кимёвий холдинг компанияларидан бири, Сингапурнинг Indorama компанияси вакили Дипак Рейнни қабул қилди, деб ёзади ЎзА.
Дипак Рейн Сирдарё вилоятида хорижлик инвесторлар учун яратилган имконият ва имтиёзлардан мамнун эканини таъкидлади. Жумладан, ҳудудда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш учун кенг имкониятлар мавжудлигини алоҳида қайд этди. Сирдарёда пахта кластери ва пахта толасини қайта ишлаш корхоналари ташкил этиш мақсадида эканини билдирди.
Indorama — Осиёдаги етакчи кимёвий холдинг компанияларидан бири бўлиб, 1975 йилда Индонезиянинг Sintetiks Indo-Rama компанияси таъсисчилигида ташкил этилган. Бугунги кунда Indorama компанияси томонидан полиэтилен, полипропилен, полестер, минерал ўғитлар, тўқимачилик ва тиббий қўлқоплар ишлаб чиқарилмоқда.
Вилоят ҳокими хорижлик тадбиркорнинг таклифини қўллаб-қувватлаб, Оқолтин ва Сардоба туманларидан ер ажратиш таклифини берди.
Шу куни Дипак Рейн бу туманларда бўлиб, унга таклиф этилган ҳудудни ўрганди, туман ҳокимлари билан учрашди.
Изоҳ (0)