Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ) негизида Қозоқ-немис университети (ҚНУ) талабалари учун «Сув ресурсларидан фойдаланиш асослари: назария, амалиёт ва илмий тадқиқотлар интеграцияси» мавзусига бағишланган ёзги ўқув курси ўтказилмоқда. Бу ҳақда «Дарё» манбаси хабар бермоқда.
Курс АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Марказий Осиё минтақавий экология маркази (МОМЭМ), Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг (СХВ) ҳамкорликдаги «Сув, таълим ва ҳамкорлик» (Smart Waters) лойиҳаси доирасида ташкил этилган.
Ёзги мактабда Афғонистан, Қозоғистон, Қирғизистон Тожикистон каби мамлакатлар вакиллари бўлган ҚНУ талаблари таҳсил олмоқда.
Ўқув курсининг асосий мақсади – келгусида Марказий Осиё ҳудудида қўлланиладиган билим ва кўникмаларни ҚНУ талабаларига етказиш ва уларнинг бу борадаги билимларини мустаҳкамлаш, ҚНУ ва ТИҚХММИ талабалари ўртасида мулоқот майдонини яратиш ҳамда маҳаллий институтимизнинг илмий-техник салоҳиятидан фойдаланишдан иборат.
14 нафар талаба 102 ўқув соати мобайнида назарий, амалий, лабораториявий ва мустақил машғулотларда иштирок этади. Шунингдек, ирригация ва мелиорация объектлари, сувни тежовчи технологиялар ўрнатилган жойларда сайёр машғулотлар ўташлари кўзда тутилган.
Умуман олганда, икки ҳафталик ўқув курси мобайнида талабалар сув ресурсларини ҳавзалар даражасида бошқариш асослари, ирригацион тизимларда оқимларнинг оқиш қонунияти, гидротехник иншоотларнинг эксплуатацион ишончлилиги ва хавфсизлиги, насос станциялари ва насослар эксплуатацияси, сув тежовчи суғориш технологиялари сингари модуллар билан танишишади. Маъруза қисмидан ташқари иштирокчилар учун спорт-маданий тадбирлар ҳам тайёрланган.
Бундан ташқари, ҚНУ талабалари 5—8 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё халқаро экология форумида (МОХЭФ-2018) фаол иштирок этади.