Яқин кунларда ёзувчи Луқмон Бўрихоннинг «Олов тутган одам» номли романи нашрдан чиқади. Ушбу бадиий асарда муаллиф Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов фаолиятининг ўта муҳим бир даври, у кишининг Қашқадарё вилоятида раҳбарлик қилган йилларини қаламга олган. Бу ҳақда Ислом Каримов номидаги жамоат фондининг Facebook’даги саҳифасида хабар берилди.
Ўтган асрнинг 80 йиллари собиқ иттифоқ парчалана бошлаган, Ўзбекистон Республикаси оғир ва азобли кунларни бошидан кечирган, халққа маломат тошлари отилган, «Ўзбек иши», «Пахта иши» деган ҳақоратомуз иборалар пайдо бўлган давр эди, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, юзлаб, минглаб юртдошлар ноҳақдан-ноҳақ қамоққа ташланган, қувғин қилинган, эл-улусда тушкунлик, ишончсизлик, умидсизлик кайфияти устувор эди.
Мана шундай ғоят чигал ва мураккаб пайтда Ислом Каримов Қашқадарё вилоятига раҳбар этиб тайинланди. Романда бош қаҳрамоннинг жасорати, халқпарварлиги, адолатпарварлиги ёрқин ифодаланган. У, энг аввало, одамларда эртанги кунга ишонч, умид уйғотиш зарурлигини англаб, айнан шу йўналиш бўйича илк фаолиятини бошлади. Ўша даврда ҳукм сурган қоғозбозлик, буйруқбозлик, баландпарвозлик каби иллатларга барҳам беришга уринди, халқ билан юзма-юз гаплашди, муаммоларни очиқ-ойдин ўртага ташлаб, уларни бартараф этиш юзасидан кенгашди. Айниқса, «Пахта иши» касофатидан жабр кўрган оилаларга ёрдам қўлини чўзди, уларнинг дардига малҳам бўлишга интилди.
Луқмон Бўрихон ўз қаҳрамонини фақатгина қаттиққўл ва талабчан раҳбар, давлат ва сиёсат арбоби сифатида тасвирлаш билангина чекланиб қолмади. Балки, роман мутолааси жараёнида Ислом Каримовни дарёдил инсон, юраги қувонч-у ғуссаларга лиммо-лим оддий бир одам сифатида ҳам тасаввур этиш мумкин.
Изоҳ (0)