Ёшлар иттифоқи жамоаси «Ифтихор» футбол клуби директори Аҳрор Эргашев ва жамоа катта мураббийи Нодир Қўзибоев тажовузкор ҳаракатлари учун футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолият олиб боришдан бутун умрга четлатилди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати маълум қилди.
Кеча, 31 май санасида интернет нашрларида «Ифтихор» клуби мутасаддилари томонидан жамоанинг икки ҳимоячиси Турсунбой Ҳусанов ҳамда Ҳасанбой Эргашевларни аёвсиз калтаклангани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Қайд этилишича, бу борада Аҳрор Эргашев ҳамда клуб катта мураббийи Нодир Қўзибоевнинг тажовузкор хатти-ҳаракатлари асосида суриштирув ишлари бошланган ҳамда ушбу ҳолат юзасидан айни дамда текширув давом этмоқда.
ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов вазиятга муносабат билдириб, ЎФА ҳамда ПФЛ бундан буён ҳам ўз ўйинчиларига нисбатан бундай беҳурматлик қиладиган ва уларнинг ҳуқуқларини поймол этадиган ҳар қандай клуб раҳбарияти ва мураббийларига нисбатан кескин чоралар кўрилишини билдирди.
ЎФА Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, «Ифтихор» футбол клуби директори Аҳрор Эргашев ва клуб катта мураббийи Нодир Қўзибоев ҳар қандай футбол фаолияти олиб боришдан бутунлай четлатилди.
«Ифтихор» Про-Лиганинг «B» гуруҳида тўққизта ўйин ўтказиб, сўнгги ўринлардан бирини банд этиб турибди. Асад Дўрмонов ҳамда Нодир Қўзибоев шогирдлари май ойида 3 ўйин ўтказиб, «Лабса» клубига 2:1 ҳисобида ютқазган бўлса, «Шердор» клуби билан мезбонда 1:1 ўйнаб, меҳмонда 3:2 ҳисобида мағлубиятга учради.
Изоҳ (0)