Давлат божхона қўмитаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Ўзбекистонда наркотик моддаларнинг давлат чегаралари орқали ноқонуний айланишига қарши қаратилган тезкор тадбирлар мунтазам давом эттирилмоқда, деб хабар беради Божхона қўмитаси матбуот хизмати.
Божхона ва давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари ҳамкорликда 2018 йилнинг 31 май куни «Бекобод» темир йўл чегара божхона постида қўшни давлатдан Ўзбекистон орқали транзит тарзида ўтаётган юк поезди белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганида, вагонлардан бирининг остки қисмида кўз илғамас бўшлиқларга жойлаштирилган темир қутилар ходимларнинг диққатини тортди.
Кучли магнит воситаси кўмагида вагон остига маҳкамланган ушбу темир қутилар белгиланган тартибда ва холислар иштирокида очиб кўрилганида, уларнинг ичига полиэтиллен ўрамларда 14 килограмм 920 грамм оғирликдаги героин гиёҳвандлик воситаси яширилгани фош бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан Жиноят кодексининг 246-моддаси (Контрабанда) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Изоҳ (0)