Жорий йилнинг 25 май куни Асака автомобиль заводида «Ўзавтосаноат» АЖ раҳбарияти ва компания бош директори бошчилигида ўтказилган йиғилиш сўнгги вақтларда юзага келаётган нохуш вазиятларнинг олдини олишга бағишланди. Бу ҳақда «Дарё»га GM Uzbekistan Жамоатчилик билан алоқалар хизмати маълум қилди.
Бундай «нохуш ҳолатлар» остида нима назарда тутилаётгани хабарда аниқлаштирилмади.
Йиғилишни ўтказишдан асосий мақсад соҳада фаолият олиб бораётган ҳар бир ходимга мамлакатда қонун устувор экани ва ҳар бир жиноятга жазо муқаррарлигини яна бир бор етказиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришдан иборат бўлди.
Тадбирда «Ўзавтосаноат» АЖ, Давлат хавфсизлиги хизмати, прокуратура, ИИБнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, GM Uzbekistan АЖ ҳамда Андижон вилоятидаги «Ўзавтосаноат» таркибига кирувчи барча қўшма корхоналар ва дилерлик ташкилотлари раҳбар ходимлари иштирок этди.
Йиғилиш якунида сўнгги вақтларда тарқалаётган ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида қарорлар қабул қилиниб, вазифалар белгилаб олинди.
Изоҳ (0)