Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида эксперт кенгашининг божхона-тариф назоратини такомиллаштириш бўйича қарор лойиҳаси муҳокамасига бағишланган учрашуви бўлиб ўтди, деб ёзади Spot.
Жамоатчилик муҳокамаси 16 апрелда тугаган ҳужжат 600 дан ортиқ товар олиб кирилиши учун божларни бекор қилиш, бошқаларининг катта қисми учун божларни бир неча марта пасайтиришни таклиф қилади.
Учрашув иштирокчиларидан бири — Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов божхона божларининг баланд ставкалари сақланиб қолиши нималарга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. «Агар бозоримизни тарифлар билан ҳимоя қилиш мумкин бўлганида эди, ишлаб чиқариш аллақачон ўсган бўларди», — деди Ҳошимов.
Тадбиркор сўнгги 25 йил ичида Ўзбекистонда минтақадаги энг юқори тарифлар амал қилгани, бу эса махсус имтиёзлардан фойдаланувчи компаниялар пайдо бўлишига, чет элдан назорат қилинмайдиган импортнинг ўсишига олиб келганини айтди.
Ҳошимов ўз тадқиқотларига асосланиб, ҳар куни чегарани 200 мингга яқин киши кесиб ўтиши (сўнгги бир йил ичида бу кўрсаткич 10 марта ўсган)ни маълум қилди. «Бу одамларнинг барчаси қўшни мамлакатлардан буюмлар олиб киради, улар ўз эҳтиёжлари учун эмас. Потенциал товар оқими 22 миллион долларни ташкил қилади, аммо давлат бюджетига бу пуллардан ҳеч нарса келиб тушмайди», — деди Ҳошимов.
Тадбиркор қайд этишича, мамлакатга ноқонуний йўл билан олиб кирилган товарлар расман олиб кирилган маҳсулотлардан ўртача 30—40 фоизга арзон.
«Уч-тўрт ойда бу импортнинг асосий каналига айланди. Катта импортчилар, дистрибьюторлар расмий савдоларини йўқотди, баъзилари 70 фоизгача. Чунки биз божхонадан ўтказиб, барча солиқларни тўласак, қора бозорникидан 30—40 фоизга баландроқ нархлар билан бозорга кирамиз. Агар биз чора кўрмасак, ‘кулранг’ импорт (ноқонуний йўл билан олиб кириладиган товарлар) импортчиларни ҳам, ишлаб чиқарувчиларни ҳам йўқ қилади» — деди Ҳошимов.
Бу муаммонинг ечими фақат иқтисодий бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди тадбиркор. Ўзбекистон бож ва солиқларни қўшнилар билан уйғунлаштириши лозим. Шундагина рақобарбардош муҳитни яратиш мумкин.
Изоҳ (0)