Ўзбекистонда давом этаётган Челябинск вилояти кунлари доирасида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Россия ишбилармонлари бизнес-форуми ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тадбирда икки мамлакатнинг нефть-газ, тоғ-кон саноати, озиқ-овқат, кимё, енгил саноат, машинасозлик, соғлиқни сақлаш каби қатор соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Челябинск вилояти губернатори Б. Дубровский ва бошқалар мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани, мазкур тадбир савдо-иқтисодий, сармоявий ва ижтимоий соҳалардаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Форумда россиялик ишбилармонларга мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти, амалга оширилаётган ислоҳотлар, сармоя киритиш истиқболлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш омиллари тўғрисида маълумот берилди. Ўзбекистон ва Челябинск вилояти ишбилармонлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ва улар ижроси ҳақида сўз юритилди.
Тадбир доирасида икки мамлакатда инвесторлар учун яратилаётган шароитлар, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, солиқ ва божхона имтиёзлари, мавжуд иқтисодий имкониятлар тақдимоти ўтказилди.
Форумда икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор келишувлар имзоланди.
Бизнес-форумда Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари Нодир Отажонов сўзга чиқди.
Изоҳ (0)