Самарқанд шаҳри Панжоб маҳалласида жойлашган 71-умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчиси, 12 ёшли Жонибек Ҳамроқулов мактабга келаётганида рўй берган бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этган. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ўзининг Facebook гуруҳида хабар қилган.
Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими мутасаддиларидан бирининг «Kun.uz» нашрига берган маълумотига асосан, Жонибек мактабнинг орқа томонидаги деворга ўрнатилган ва қулфланган захира дарвозадан ошиб ўтмоқчи бўлган. Дарвоза таянчлари қўзғалиб, металл гардиш унинг бошига келиб урилган. Шаҳар халқ таълими бўлими мутасаддисининг таъкидлашича, Жонибек РШТЁИМ Самарқанд филиалига олиб кетилаётганида «тез ёрдам» машинаси ичида ҳаётдан кўз юмган.
Воқеа юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан тергов суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)