Ўзбекистонлик шарқшунос ва исломшунос олимлардан иборат делегация Франция мусулмонлар кенгаши фахрий президенти Далил Бубакр ва Париж жоме масжиди имоми муфтий Желлул Бузиди билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Мулоқот чоғида диний соҳадаги ташаббусларнинг мазмун-моҳияти, мусулмон ҳамжамиятига етказадиган фойда ва манфаатлари ҳақида сўз борди. Қайд этилганидек, Ўзбекистоннинг ислом дини асосларини ўрганишга қаратилган лойиҳалари бутун мусулмон умматининг қизиқишига сабаб бўлмоқда.
Меҳмонлар масжид фаолияти билан яқиндан танишди. Таъкидлаш керакки, 1926 йили Парижнинг Жарден-де-Плант ҳудудида 33 метрлик минорага эга илк жоме масжиди қурилган. Шарқ меъморчилигининг юксак намуналари асосида барпо қилинган мазкур ибодатгоҳ мусулмон маданияти билан танишиш истагидаги минглаб французларнинг ташриф манзилига айланиб улгурган. Айни вақтда, масжид Франция мусулмонларининг ҳар иккала жаҳон урушида кўрсатган ватанпарварлиги, фидойилиги ва тенгсиз жасоратининг юксак намунаси сифатида қадрланади.
Учрашувда Франция мусулмонларининг ҳаёти, ибодатлари, анъана ва маросимлари ҳақида сўз борди. Мусулмон уламолари ислом номидан содир этилаётган турли хунрезликларни қоралаши, бу каби кўнгилсизликларнинг олдини олиш учун, биринчи галда, ёшларнинг маърифатини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш энг муҳим вазифалардан ҳисобланиши қайд этилди.
— Ўзбекистон вакилларининг Париж жоме масжидига ташрифи бизни мамнун этди, — дейди Париж жоме масжиди муфтийси Желлул Бузиди. — Ўзбекистондаги янгиликларни эшитиб жуда ҳам қувондик. Хусусан, Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказларининг ташкил этилишини оламшумул аҳамиятга эга ташаббуслар, деб ҳисоблайман.
Франция мусулмонлар кенгаши фахрий президенти Далил Бубакрнинг таъкидлашича, Франция мусулмонларининг Ўзбекистонга қизиқиши, табаррук қадамжоларни бориб кўриш истаги тобора ортиб бормоқда.
— Биз Ўзбекистонда маърифий, бағрикенг исломни қўллаб-қувватлаш, ёшларни энг яхши анъаналар асосида тарбиялашга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз, — дейди Далил Бубакр. — Яқин ойларда францияликлар делегациясининг Тошкент, Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарларга саёҳатини режалаштирганмиз. Француз мусулмонлари учун Имом Бухорий, Имом Термизий мақбаралари, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини зиёрат қилиш катта орзу.