Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисм офицер ва аскарлари Тошкент шаҳри Миробод тумани Олтинкўл маҳалласида истиқомат қилувчи 94 ёшли Абдулла ота Тазиев хонадонида ҳашар ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.
Абдулла Тазиев урушга сафарбар этилганда 17 ёшда бўлган. Уруш фахрийси Украинанинг Харьков, Полтова, Кременчуг шаҳарларида, Россиянинг Воронеж шаҳрида, Сербия пойтахти Белграддаги жангларда тенгсиз жасорат кўрсатиб, аскар унвонидан катта лейтенант унвонигача, ўқчи лавозимидан взвод командири лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтди. Уруш тугагач, 50 йилдан ошиқроқ вақт мобайнида таълим муассасаларида жисмоний тайёргарлик фанидан дарс берди.
«Офицер ва аскарлар уруш фахрийси билан суҳбатлашар экан, уруш даҳшатлари, ракетаю снарядлар остида қолиб, вайронага айланган шаҳар-қишлоқлар кўз олдида гавдаланди. Бугунги тинч ва фаровон кунлар катта йўқотиш ва қийинчилик эвазига келганлигига яна бир бор амин бўлишди», — дейилади вазирлик хабарида.
Аскар меҳмонлар хонадон эгасининг уй-хўжалик ишларига ёрдам берди. Тунука айвон бўялди. Томорқа ер ўт-ўланлардан тозаланди. Дарахтлар буталиб, деворлар оқланди. Қисқа фурсат ичида ён-атроф саранжом-саришта бўлди. Ҳарбий қисм командирининг ўринбосари майор Азиз Равшанов уруш фахрийси Абдулла отани 9 май – «Хотира ва Қадрлаш куни» муносабати билан яқин кунларда ҳарбий қисмда ташкил этиладиган байрамона концерт дастурига таклиф этди.
Изоҳ (0)