Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи тадбиркор Равшан Тўраев айни пайтда туяқуш боқмоқда, келажакда эса кенгуру олиб келиш ниятида. ЎзА у ҳақда репортаж тайёрлади.
«Жуда кўп соҳаларга қизиқаман, — дейди Р. Тўраев. — Яқинда туяқушлар ҳақида ўқиб, уларга қизиқиб қолдим. Шу тариқа интернет орқали Африка туяқушининг тухумига буюртма бердим. Нега Африка туяқуши десангиз, у уй шароитига енгил кўникар экан. Шу тариқа қисқа фурсатда етти дона тухумни почта орқали қадоқланган ҳолда олиб келишди. Юртимиздаги замонавий инкубаторияда туяқуш жўжаларини очтириб олдик. Мана етти ойдан буён уларни парвариши билан бандман. Туяқушларни бошқа қушларни боқишдан ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб турар экан. Масалан, туяқуш яйловда ўзи ўт қидиришни хуш кўради. Шу боис, уларни кенг далада боқиш мақсадга мувофиқ. Бир ҳафтада одамга ўрганиб, олдига кирсангиз тумшуғини тақиллатиб овоз чиқарар экан. Лекин, у нима дегани: ‘салом’, ‘овқат бер’ ёки ‘келганингдан хурсандман’ қайси маънода билмайман. Лекин, қарсак чалсангиз, айланиб, қанотларини чирпирак қилиб рақсга тушиб бериши жуда қувонарли».
«Ҳисоблаб чиқдим, улар икки маҳал овқатланиб, йирик ва майда шохли моллардан, ҳаттоки бошқа етиштирилаётган парранда гўштидан ҳам кўп маҳсулот беради, — сўзида давом этади Равшанбек. — Бир бош туяқушдан 40–45 фоизгача гўшт олса бўлади. Дунё бозорида туяқуш гўштининг ўртача нархи 12–15 еврони, ишлов берилмаган хом териси 60 еврони ташкил этиб келяпти. Тўғри, совуқ ва ўртача иссиқ иқлимда етиштирилган туяқуш патининг сифати унчалик юқори бўлмас экан. Шу сабабли иссиқ иқлимда етиштирилган туяқуш патидан арзон баҳоланади. Лекин ушбу арзон пат ҳам бошқа саноат даражасида етиштирилиб келинаётган парранда патидан юқори ҳисобланади».
Равшанбек айни вақтда синов тариқасида Ҳиндистон псаркасини ҳам кўпайтиришни бошлади. Улар йилига 300 дона тухум берар экан. Равшанбек келгусида Ўрта Чирчиқ туманидан ер майдони олиб, туяқуш парваришлашни ривожлантириш ва хориждан кенгуру келтириб кўпайтиришни мўлжалламоқда.
Изоҳ (0)