“Милан” клубида янги сардор тайинланди. Эндиликда жамоа сардорлик боғичини 30 ёшли француз дарвозабони Майк Менян тақади. Бу ҳақда клубнинг янги бош мураббийи Массимилиано Аллегри матбуот анжуманида маълум қилди.

Италия матбуоти хабарига кўра, Менян “Милан” тарихида сўнгги 64 йил ичида сардор бўлган илк хорижлик футболчига айланди. Бунгача бундай ҳолат охирги марта 1949–1961 йилларда, швециялик Нилс Лидҳолм сардорлик қилган даврда кузатилган.
Аввалги мавсумда Менян жамоанинг учинчи сардори сифатида бир нечта ўйинларда жамоани майдонга бошлаб чиққан эди. Янги мавсум олдидан клубнинг асосий сардорлари — Давиде Калабрия ва Тео Эрнандес жамоани тарк этгач, сардорлик боғичи айнан Менянга топширилди.
Француз посбони билан амалдаги шартнома 2026 йил ёзида якунига етади. Аввалроқ Лондоннинг “Челси” клуби Менянга қизиқиш билдиргани ҳақида хабарлар тарқалган эди, аммо трансфер ҳозирча амалга ошгани йўқ.
Изоҳ (0)