Давлат божхона қўмитасининг контрабандага қарши курашиш бош бошқармаси ходимлари наркотик моддалар ва психофаол дори воситаларининг ноқонуний айланмасига доир йирик қонунбузарлик ҳолатини фош қилди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар берди.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида Тошкент шаҳри ҳудудида жойлашган дорихоналардан бири аслида таъмирлаш учун ёпилган бўлишига қарамай, фуқаролар А.С., Ж.Б., ва А.Х. томонидан «Лирика» дори воситаси сақланаётганлиги ва уларнинг ноқонуний савдоси амалга оширилаётганлиги фош бўлди.
Дорихонада ҳамда ушбу шахсларга тегишли автотранспорт воситаларида сотиш учун мўлжалланган, қиймати 46 миллион сўмдан зиёд бўлган 2 305 дона шу номдаги дори воситалари, уларнинг ноқонуний савдосидан топилган салкам 6,5 миллион сўм ва 294 доллар борлиги аниқланди.
Шунингдек, дорихона ҳожатхонасидаги ювиниш чаноғи ортига купюрага ўралган ҳолда марихуана гиёҳвандлик воситаси яширилганлиги маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текшируви ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)