Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 апрель куни Сирдарё вилоятига келди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Шавкат Мирзиёев Мирзаобод туманидаги «Бек кластер» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона томонидан ташкил этилган замонавий иссиқхона билан танишди.
Президент ташаббуси билан қишлоқ хўжалигида кластер усули кенг жорий этилмоқда. «Бек кластер» корхонаси шу йўналишдаги йирик субъектлардан бўлиб, унга Сирдарё вилоятидан 18 минг гектар ер ажратилган. Мазкур кўп тармоқли кластер томонидан Мирзаобод туманида 100 гектар майдонда иссиқхона ташкил этилган. Бу ерда йилига 25 миллион долларлик маҳсулот етиштириш, уларни 100 фоиз экспортга йўналтириш режалаштирилган.
Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини илмий асосда етиштириш ва сақлаш, харидорини ҳозирдан топиш зарурлигини таъкидлади. Иссиқхона конструкцияларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, мева-сабзавотчилик бўйича мутахассислар тайёрлаш, кластер қошида илмий-амалий марказ ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берди.
Президент қишлоқ хўжалиги техникаларини ҳам кўздан кечирди.
Изоҳ (0)