Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров амалдаги президентда альтернатива йўқлиги ва шу сабабли россияликлар давлат раҳбари ваколатларини икки муддатдан кўпроққа узайтириш ҳақида ўйлаши кераклигини айтди, деб ёзади «Интерфакс».
«Ҳозирги президент соғ-саломат экан, биз бошқа давлат раҳбари ҳақида ўйламаслигимиз керак. Менинг шахсий фикрим ана шундай. Ҳозир Путинда альтернатива йўқ», — деди у.
Қодиров бундай мисоллар Хитой ва Германияда аллақачон борлигини эслатди. ХХРда яқинда Си Цзиньпиннинг ваколатларини иккита муддат билан чекламаслик ҳақида қарор қабул қилинди, Германияда эса Ангела Меркель тўртинчи муддат ўз лавозимида қолмоқда. Чеченистон раҳбари фуқаролар бу ҳақда Путиннинг ўзидан сўраб ўтирмаслиги керак деб ҳисоблайди.
«Халқ, Федерация кенгаши, Давлат думаси, бошқа давлат институтлари бундай қарорга ташаббускорлик қилиши ва уни қабул қилиши, имзо йиғиб, умумхалқ референдумига қўйиши керак. Ишончим комилки, пировардида буни ҳамма қўллаб-қувватлайди», — деди Рамзан Қодиров.
Изоҳ (0)