Олдинроқ хабар берилганидек, илк бор Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ташаббуси билан хориждаги ёш юртдошлар билан бирга «Ёш ватандошлар» фестивали бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га фестиваль ташкилотчилари маълум қилди.
Фестивальдан кўзланган мақсад хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни мамлакатнинг бой маданий мероси, азалий қадриятлари, урф-одатлар ва, энг асосийси, ёшларнинг ҳаёти билан яқиндан таништиришдир. Шунингдек, ўзаро мулоқот муҳитини шакллантириш, уларнинг тажрибаларидан унумли фойдаланиш ва Ўзбекистондаги ислоҳотларга жалб қилиш, инвестиция киритишга тарғиб қилиш ҳам мўлжалланган.
Тадбир 11 апрель куни Тошкент шаҳрининг Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтди.
Тадбир иштирокчилари жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида рўй бераётган ўзгаришларга гувоҳ бўлиб, ўзаро тажриба алмашиш имкониятига эга бўлди. Унда АҚШ, Россия, Япония, Туркия, Покистон, Қирғизистон, Тожикистон, Хитой, Финляндия, Швейцария, Испания, Франция, Италия, Германия каби қатор нуфузли мамлакатлари ёшлари иштирок этди.
Турли мамлакатлардан келган меҳмонлар давра суҳбатида Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг келгусида қилинадиган ишлар режасини ўзаро муҳокама қилиб, фикр алмашди. Давра суҳбати давомида ассоциация вакиллари иш фаолиятлари билан танишиш имкониятига эга бўлди ва келгусидаги истиқболли масалалар бўйича таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланиб фикр алмашилди.
Изоҳ (0)