«Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» акциядорлик жамиятида Қозоғистоннинг «Товарная биржа «ETS» акциядорлик жамияти вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида экспорт-импорт биржа савдосини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Учрашувда, шунингдек, МДҲ давлатлари биржалари халқаро ассоциацияси, «Московская биржа» очиқ акциядорлик жамияти вакиллари ва журналистлар иштирок этди.
«Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Ф.Иброҳимов мазкур келишув Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан бирга, икки томон учун ҳам манфаатли эканини таъкидлади.
Ушбу ҳужжат «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» ва "Товарная биржа «ETS» акциядорлик жамиятлари ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузишни кўзда тутади. Ишчи гуруҳ икки мамлакат ўртасида экспорт-импорт биржа савдоси учун товарлар рўйхатини аниқлаш билан шуғулланади ҳамда тажриба тариқасида дастлабки биржа савдолари ўтказишни мувофиқлаштиради.
Қатнашчилар, шунингдек, товарлар бозори иштирокчилари ўртасидаги биржа савдолари механизмларини ишлаб чиқишнинг ўзига хос жиҳатлари, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Қозоғистонга экспорт қилиш мақсадида юртимиз ишбилармонларини ҳамда қозоғистонлик ишлаб чиқарувчиларни биржа савдоларига жалб этиш йўлларини муҳокама қилди.
Учрашув якунида томонлар Қозоғистонга маҳсулот экспорт қилиш ҳажмини ошириш мақсадида ушбу мамлакатда «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» акциядорлик жамиятининг савдо майдончаларини очиш имкониятлари юзасидан фикр алмашди.
Изоҳ (0)