24—26 март кунлари Ўзбекистон Миллий гвардияси республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейида дамли ва зарбли чолғу ижрочиларининг «Санъат ғунчалари» ХХ республика танлови ўтказилди. Бу ҳақда танлов ташкилотчилари «Дарё»га хабар берди.
Ташкил этилган танловнинг асосий мақсади республикадаги мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейларида дамли ва зарбли чолғу ижрочилиги бўйича таҳсил олаётган ўқувчиларнинг интилишларини янада қўллаб-қувватлаш, улар орасидан иқтидорли ёшларни излаб топиш, ўқувчи ёшларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятини намоён этиши учун имкониятлар яратиш, ўқувчиларда ўзлари танлаган ихтисосликларни чуқур ўрганишга қизиқишини янада оширишдан иборат.
Танловда анъанавий тарзда республикадаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ҳамда Ўзбекистон Миллий гвардияси ва маданият вазирлиги тасарруфидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейларнинг 5—9-синф ўқувчилари иштирок этди.
Танловда иштирок этган жами 126 нафар иштирокчиларнинг 63 нафари танловнинг совринли ўринларини қўлга киритди. Айниқса Тошкент шаҳар, Андижон, Хоразм, Навоий, Самарқанд, Фарғона, Наманган вилоятлари болалар мусиқа ва санъат мактаблари, Р. Глиер ва В. Успенский номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейда ҳамда Республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейи ўқувчилари фаол иштирок этди.
Изоҳ (0)