14—15 март кунлари Тошкентда «Швейцария тўқимачилик машинасозлиги» мавзусида Симпозиум бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси хабар бермоқда. Унда Швейцария тўқимачилик машинасозлиги ишлаб чиқарувчилари ва соҳадаги корхоналар билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси томонидан Swissmem Швейцария саноатчилар иттифоқи, «Ўзбекистон-Швейцария» дўстлик жамияти билан ҳамкорликда ташкил қилинган тадбирда вазирлик ва идоралар вакиллари, Швейцариянинг технологик ускуна ишлаб чиқарувчилари ва суғурта компаниялари, Ўзбекистоннинг тўқимачилик компаниялари, ихтисослаштирилган ўқув муассасалари вакиллари қатнашди.
«Kun.uz» ёзишича, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси биринчи ўринбосари Баҳодир Алихонов сўнгги йилларда Ўзбекистонда тўқимачилик машиналарини ишлаб чиқариш бўйича жаҳон бозори етакчиларидан бири ҳисобланган Швейцариянинг Rieter компанияси билан тўқимачилик ускуналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилганини таъкидлади. Президентнинг тегишли қарорларига мувофиқ Тошкентда тўқимачилик технологияларини ишлаб чиқарувчи Rieter Uzbekistan корхонаси ташкил этилди, шу билан бирга замонавий тренинг-марказ иш бошлади. Мазкур марказда ишчилар янги, замонавий технологияларда тўғри ишлашни ўрганишади.
Мутахассиснинг таъкидлашича, 2018—2021 йиллар учун Тузилмавий янгиланишлар, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилишга доир қатор чора-тадбирлар дастури амалга оширилди. Дастур доирасида умумий ҳажми 2,4 миллиард долларни ташкил қилувчи 143 та салоҳиятли тўқимачилик лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Тўқимачилик машинасозлиги етакчилари иштирокида мамлакатнинг барча ҳудудларида вертикал интеграциялашган тўқимачилик комплекслари фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек мавжуд тўқимачилик машинасозлигини модернизация қилиш ва кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)