Самарқанд вилоят ИИБ ходимлари маҳалла фуқаролари учун ҳашар йўли билан вилоят ИИБ бошлиғининг секторига кирувчи Пастдарғом тумани «Илм» маҳалласида жойлашган 51-сонли мактабгача таълим муассасасини тўлиқ қайтадан таъмирламоқда. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Ушбу болалар боғчаси ўтган асрнинг 70 йилларида қурилган бўлиб, 80 ўринга мўлжалланган. Бино айни пайтда таъмирталаб ҳолатга келиб қолганлиги сабаб атиги 40 нафар тарбияланувчига хизмат кўрсата олган.
Вилоят ИИБ ходимлари томонидан мазкур мактабгача таълим муассасаси капитал таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Қўшимча бинолар қурилиб, муассаса 120 ўринли янги, замонавий муассасага айлантирилмоқда.
Боғча ўз фаолиятини қайтадан бошлагач, бу ерда яна 5—6 ёшдаги болаларни мактаб таълимига тайёрлаш бўйича, қисқа муддатли гуруҳлар ҳам ташкил қилинади.
Болалар боғчасини қайта таъмирлаш ва қурилиш ишларини Наврўз байрами арафасида якунлаб, муассасани фойдаланишга топшириш мўлжалланган.
Изоҳ (0)