Мудофаа вазирлиги Спорт клуби аъзоси, Рио—2016 Олимпиадасида бронза медалига эга чиққан боксчи Мурод Аҳмадалиев профессионал рингда дебют қилди.
Аҳмадалиев АҚШга дўсти Шаҳрам Ғиёсов билан жўнаб кетганди. Уларнинг катта боксдаги илк жанглари бир кунда — 10 март санасида бўлиб ўтди. Қизиқ томони, ҳар икки ўзбекистонлик спортчига Аргентина чарм қўлқоп усталари рақиб бўлди.
Давид Паза билан жангни ўз фойдасига ҳал қилиш учун Мурод Аҳмадалиевга 1 та раунд кифоя қилди, деб ёзди «Оламспорт». Рақиб томон ўз мағлубиятини тан олганида тўқнашувнинг 1 дақиқа-ю 8-сонияси давом этаётган бўлган.
Аргентиналик спортчи Аҳмадалиевга қадар профессионал боксда 9 та жанг ўтказган бўлиб, шуларнинг 4 тасида зафар қучган ва шунчасида имкониятни бой берган, яна 1 тасида эса дуранг қайд этганди. Энди унда мағлубиятлар сони 5 тага етди.
Изоҳ (0)