8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Ўзбекистон ҳарбийлари барча оналар, опа-сингилларни ўзгача табриклади. Ўзбекистон Қуролли Кучлари академияси курсантлари, Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли ҳамда Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий оркестри жамоалари билан биргаликда пойтахтдаги бир неча савдо марказларида бўлди. Бу ҳақда «Дарё»га Мудофаа вазирлиги вакиллари маълум қилди.
Samarqand Darvoza савдо мажмуаси фойесидаги шўх куй ва қўшиқлар кундалик юмушлари билан югуриб-елиб юрган харидорларни бирин-кетин бир жойга жамлай бошлади. Бир зумда теварак одамларга тўлди. Савдо мажмуасининг болалар ўйинлари павильонидан бир тўп болалар тушиб келди.
Бошловчининг 8 март муносабати билан қутлови йиғилганларнинг олқишлари билан қарши олинди. Кейин яна қўшиқлар янгради.
Табрик ва куй-қўшиқлардан боши кўкка етган аёллар ва қизларга Қуролли Кучлар академияси курсантлари гуллар тақдим қилди.
Ҳарбийларнинг хотин-қизлар байрами муносабати билан ўтказган акцияси Юнусобод туманида жойлашган MegaPlanet савдо мажмуасида ҳам бўлиб ўтди.
Бундай тадбирлар бутун мамлакат бўйлаб давом этмоқда.
Изоҳ (0)