Ўзбекистон ва Европа инвестиция банки ўртасида 2017 йил 13 октябрь куни Вашингтонда имзоланган ЕИБнинг мамлакат ҳудудида фаолиятига оид ҳадли битим кучга кирди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати маълум қилди.
Ҳадли битим ЕИБнинг Ўзбекистонда фаолиятини амалга ошириш учун ҳуқуқий асосларини вужудга келтиради.
Ушбу ҳужжат мамлакатда йирик ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун банкнинг молиявий воситаларидан фойдаланиш имконини беради. Ўзбекистон ҳамда Европа Иттифоқи ўртасидаги молиявий ва техникавий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Шу тариқа, Ўзбекистон ЕИБ фаолият юритадиган Марказий Осиёдаги тўртинчи мамлакат бўлди. Бугунги кунгача банк Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистонга инфратузилма лойиҳалари, шунингдек, кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш учун 700 миллион евродан ошиқ маблағ ажратган.
Изоҳ (0)