Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида «АҚШдаги ватандошлар билан маданий ва маърифий алоқаларни йўлга қўйиш» мавзусида видеоконференция бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар бермоқда.
Унда Ўзбекистоннинг 17 та вазирлик ва жамоат ташкилоти мутасаддилари қатнашди. АҚШда яшаётган ўзбек диаспораси томонидан Чикаго шаҳридаги «Ўзбек — Америка ассоциацияси» президенти Олим Шарипов, Филадельфия шаҳридаги «Юртдош» жамоат ташкилоти раҳбари Шарофитдин Зиямов, Атланта шаҳридаги «Ўзбек жамияти алоқалари» раҳбари Жалолиддин Хўжаев, «Тошкент — Сиэтл» биродарлашган шаҳарлар ассоциацияси раиси ўринбосари Лола Захарова ва мазкур жамоат ташкилотларининг фаоллари иштирок этди.
Тошкент вақти билан тонгги соат 8:00 да, АҚШ вақти билан тахминан тунги соат 22:00 да бўлиб ўтган ушбу виртуал мулоқот мазмунли ва самимий руҳда ўтди. Америкада истиқомат қилаётган ватандошлар фикр-мулоҳазалари ва таклифлари билан бўлишди, муаммоларни ўртага ташлади.
— Бу йил «Тошкент — Сиэтл» ассоциацияси ташкил этилганига 45 йил тўлади. Шу боис режаларимиз ҳам талайгина. 24 март куни Наврўз байрамини нишонлаймиз. Тадбиримизда мингга яқин киши қатнашиш истагини билдирди. Улар орасида Сиэтл фуқаролари, шу ерда яшаётган ўзбек оилалари, шунингдек, байрамга келиш истагини билдирган бошқа миллат вакиллари бор. Американинг бошқа штатлари ва Канададан ҳам меҳмонлар ташриф буюради. Наврўз Сиэтлдаги ўтказиладиган энг катта халқ шодиёналаридан бири ҳисобланади. Худди Ўзбекистондаги каби қозонларда ош дамлаб, сумалаклар тортилади, ўзбек миллий рақс ва қўшиқлари ижро этилади. Бизнинг ташкилотимиз турли соҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёр. Туризм, таълим, тиббиёт соҳаси, юридик соҳалар бўйича икки давлат ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ниятидамиз, — дейди «Тошкент — Сиэтл» биродарлашган шаҳарлар ассоциацияси раиси ўринбосари Лола Захарова.
Ватандошларни қизиқтирган барча саволларга йиғилишда иштирок этган мутасаддилар батафсил жавоб берди. Томонлар бундай тадбирларни келгусида ҳам мунтазам равишда ўтказишга келишиб олди. Яқин вақт ичида турли лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиши маълум қилинди.