«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси жорий йилнинг учинчи чорагидан бошлаб ипак қурти ғумбагидан ёғ ишлаб чиқаришни бошлайди. Бунинг учун керак бўладиган ускуналар хитой компанияларига буюртма қилинди, дея хабар беради ЎзА.
Мутахассисларнинг маълум қилишича, бир литр ғумбак ёғи жаҳон бозорида 200 доллар атрофида баҳоланади. Ҳозирга қадар ипак қурти ғумбагининг бир килограмми паррандачилик, балиқчилик саноати корхоналари учун озуқа сифатида 3-4 минг сўмга сотилган. Ушбу маҳсулот аралашмасидан тайёрланган тиббиёт суртмалари жарроҳликдан кейин ҳосил бўладиган чандиқларни йўқотиш, соч тўкилишини олдини олиш хусусиятига эга. Ундан косметология соҳасида, совун, шампун ишлаб чиқариш саноатида кенг фойдаланиш мумкин.
Ана шундай қизиқарли маълумотлар «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси бошқаруви раиси Б.Шарипов ва Финландия ҳалқаро бизнес ҳамкорликни ривожлантириш ташкилоти директори, Фин Фонд вакилли Биргит Невала билан учрашуви чоғида келтирилди.
Учрашувда Ўзбекистон билан Финландия ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш доирасида ипак қурти ғумбагидан ёғ олиш, фин тадбиркорлари ва сайёҳат ишқибозларини уюшма ташкил этаётган ҳунарманд касаначилар маҳалласига ташрифини ташкил этиш орқали тайёр маҳсулотлар экспортини кенгайтириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида бир гуруҳ фин сайёҳлари ва тадбиркорлари яқин кунларда Ўзбекистонга келиши, ёғ ишлаб чиқариш ва тутзорлар яратиш борасида келишувга эришилди.
Изоҳ (0)