Наманган вилоят ИИБ томонидан Наврўз байрамини кўтаринки руҳда нишонлаш ва ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш мақсадида кўнгилли гуруҳлар ташкил этилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ матбуот хизмати маълум қилди.
Мазкур гуруҳлар жойларда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва имконияти чекланган фуқароларнинг хонадонларида ободонлаштириш ва таъмирлаш ишларида кўмаклашмоқда. Эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, уй-рўзғор жиҳозлари ва болалар учун ўқув қуроллари тақдим этилмоқда.
Маҳалла кўчаларининг таъмирталаб бўлган қисмлари шағал билан тўлдирилиб, томорқаларда деҳқончилик ва паррандачилик билан шуғулланиш учун шароит яратиб берилмоқда. Бу ташаббусни кўрган маҳалла аҳли ҳам ички ишлар ходимларига қўшилмоқда.
Гуруҳлар фаолияти Наврўз байрамига қадар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида давом эттирилади.
Изоҳ (0)